Қиролича Маргретнинг турмуш ўртоғи «Шаҳзода Хенрик рецептлари. Дания қироллик ошхонаси» номли китобини нашр этди. Шаҳзода Дания қироллигида қобилиятли ошпаз ва кўплаб китоблар муаллифи сифатида танилган бўлиб, янги китобига у энг сара рецептларни киритган.
75 ёшли Хенрик кўп вақтини адабиётга ажратади. Бир неча шеърий тўпламлар муаллифи бўлган шаҳзода «Тақдир шунга мажбур қилади» деб номланган биографик асари учун 1998 йилда француз тилида ижод қилувчи адиблар уюшмаси томонидан тақдирланган. Адабиётдан ташқари Дания шаҳзодаси роял ва органда куй чалиш, овга чиқиш, теннис ўйнаш, елканли кемаларда пойга қилиш ва спорт самолётларида учишни хуш кўради.
|