Меню сайта
Категории раздела
Qiziqarli [33]
Futbol Yangiliklari [11]
Shou- Biznes [19]
Tanishuvlar [1]
Foto prikol [1]
Sms Sherlar , Xazillar [2]
Eng yangi MP3 [1]
Talab va takliflar [1]
Мини-чат
Статистика
Главная » 2009 » Oktabr » 28 » Эҳтиёт бўлинг, фирибгар!
19:04
Эҳтиёт бўлинг, фирибгар!

…Таҳририятимизга ҳар ҳафта ўнлаб мактублар келади. Кимдир ташаккур билдириш учун хат йўллаган бўлса, яна кимдир севимли санъаткорига ўзининг дил изҳорларини баён этган. Мухлисларимиз орасида кундалик муаммоларига ечим топа олмай, сўнгги илинж сифатида қўлига қалам олиб, бизга мактуб битганлар ҳам кўп. 


Шулардан бири… Келинг, яхшиси мактубни эътиборингизга ҳавола қила қолай:
«…2002 йили хўжайиним кўп қаватли уйларда яшовчи бир аёл танишидан квартира сотиб олган эди. Бошида у аёлга 600 минг сўм пул бердик. Аёл хўжайинимга уйнинг калити ва ҳужжатини топшириб, «икки-уч кунда уй тўловларини тўлаб келаман», деб пулни олиб Россияга кетган. Қайтиб келгач турмуш ўртоғим у билан учрашди. Аёл «Аввал уйнинг тўловларини тўлаб келинг, кейин нотариусда қўл қўйиб бераман» деган. Эрим тўловларни тўлаб келгунча аёл яна қаёққадир кетиб қолган. Хуллас, у орадан беш йил ўтгач қайтиб келди. Хўжайиним «Опа, мана уйингизни олганимга беш йил бўлди, уйни номимга ўтказиб беринг» деса, аёл эримнинг қўлига ўзининг паспорт ксеронусхасини тутқазиб, уйнинг тўловларини тўлаб келинг», дебди. Тўловларни тўлаб борса, «Уй менинг номимда, уни қайтариб оламан» деган ва хўжайинимни судга берган. Мана икки йилдирки ўша аёл туфайли эр-хотин иккаламиз судма-суд югуриб юрибмиз. Бизнинг беш-олтита гувоҳимиз бор. Аёлнинг ўзи ҳам квартирани сотганлигини тан олди. Охирги судда уйнинг нархини ҳозирги пайтга бичириб келишимизни айтишганди. Бировлардан қарз ҳавола қилиб 400 мингга «вилоят баҳолаш ва консалтинг маркази»га бориб уйнинг нархини баҳолатиб, ҳужжатни судга тақдим этган эдик. Шундан сўнг судья «бизга пулни ундириб бераман, кейин уйни қайтарасизлар», деб ваъда бериб, кеткизиб юборди. Орадан бир ярим ой вақт ўтди. Ҳеч нарсадан дарак бўлавермагач, ўзимиз судга бордик. Ва шу ерда судья ажримни ўша аёл фойдасига чиқарганлиги маълум бўлди. 2009 йил 29 август куни уйда йўқлигимизда суд ижрочилари ва милиционерлар келиб кўчимизни қаёққадир олиб бориб ташлашибди. Аёл эса пулимизни қайтармай, уйга кириб олди. Ҳақиқат, адолат борми? Биз ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаросимиз. Бизни бу фирибгар аёлдан ким ҳимоя қилади? Судья ноқонуний иш тутяпти, у ўз ваъдасида турмади. Сизлардан илтимос, шу саволимизга жавоб топишда ёрдам берсангизлар…».

- Ҳозирда фирибгарлик жуда авж олган. Айниқса, квартира масаласида, -дейди суҳбатдошим, Тошкент шаҳар хўжалик ишлар бўйича Адвокатлар коллегияси адвокати Мукаррам опа Исроиловна. - Фуқароларимизнинг ҳуқуқий онгини ошириш учун сўнгги йилларда қанча-қанча ишлар амалга оширилди. Лекин мазкур мактубдан кўриниб турибдики, аҳоли ўртасида ҳуқуқий саводхонлик барибир аянчли аҳволда экан. Бунга нима сабаб, биласизми? Фуқароларимизнинг «билағонлиги»! Бўлмаса, арзонига учишармиди? 2002 йилда 600 минг сўмга квартира сотиб олиб бўлмасди, менимча. Хўп, дейлик сотилгандир ҳам. Лекин оддий бир мисол, дўкондан нон сотиб олаётганингизда ҳам у ёқ-бу ёғига қараб, агар қораси бўладиган бўлса, қайтариб берасиз, тўғрими? Уй харид қилаётганда қанақа қилиб ҳужжатини олмасдан, нотариал конторага бориб, тасдиқдан ўтказмасдан туриб бировга катта миқдордаги пулни бериш мумкин? 
Ўзбекчилигимиздан келиб чиқадиган бўлсак ҳам - ҳовли олишдан аввал қўни-қўшни, маҳаллалардан суриштирилади, маҳалла раисига учрашилади. Агар кўп қаватли уйдан хонадон сотиб олмоқчи бўлишса ЖЭКа борилади. Мисол учун пойтахтимизда уй сотиб оладиган одам энг аввало тўппа-тўғри нотариал идорага бориб учрашади, шу уйга нисбатан тақиқ бор-йўқлигини билиш учун. 
Қолаверса, фуқаролик кодексининг 185-моддасида кўрсатилиб қўйибди, яъни шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Агар мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши ёки нотариал тасдиқланиши керак бўлса, мол-мулкни олувчида мулк ҳуқуқи шартнома рўйхатдан ўтказилган ёки тасдиқланган пайтдан бошлаб, шартномани ҳам нотариал тасдиқлаш, ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш зарур бўлганида эса - рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Хатдаги масалага конкрет ёндашадиган бўлсак, мактубни битаётган аёлнинг гап-сўзларидан билиниб турибдики, 2002 йилда 600 минг сўмга хонадон сотиб олганига хурсанд бўлиб, ҳатто ҳужжатини олмасдан уйга кўчиб кирган. Ўша уйни сотган аёл ва харидорлар ўртасида ҳозир 600 минг сўмни берасан, қолганини уйни сенинг номингга расмийлаштирганимдан кейин тўлайсан, деган келишув бўлган бўлиши ҳам мумкин. Чунки 2002 йилда 600 минг сўмга квартира сотилишига мен ҳали ҳам ишонмаяпман. 
Демак, эр-хотин келишилган сумманинг маълум бир қисмини бериб, уйга кўчиб киришяпти. Шу ернинг ўзида иккала томондан ҳам қонунни бузиш ҳолатлари кузатиляпти. Агар уйни сотган аёл ҳақиқатдан ҳам фирибгар бўлса, судга мен уйимни бу одамларга ижарага берганман деб айтгани аниқ. 
Ўзбекистон республикаси Олий судининг яқинда «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида» пленум қарори чиқди. Бунга кўра, агар ўша аёл ҳақиқатда уйни сотаман деб, пулнинг бир қисмини олиб, кейинчалик айниган бўлса фирибгарлиги учун жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу учун прокуратура, ички ишлар идораларига ариза билан мурожаат қилиш керак. Улар бу ишни ҳар томонлама ўрганиб, текшириб чиқиб яъни ҳалиги аёл алдаганми-йўқми, ижара ҳақида келишув бўлганми, бўлмаганми, харидорларнинг гувоҳлари қанақа гувоҳлик бераяпти, мана шу масалаларга ойдинлик киритиб, кейин қарор қабул қиладилар. Суд томонидан чиқарилган қарорга келсак, суд ҳозирги кунда қонуний қарор чиқарган, деб ҳисоблайман. 
- Демак, бу ҳолатда айб кўпроқ мактуб эгаларидан ўтган шундайми?
- Албатта. Хат эгалари ўша аёлнинг фирибгарлик қилишига шароит яратиб берган, тушунаяпсизми? Пулни унинг қўлига тутқазишдан аввал нотариал идорага боришганида эди, бу аянчли ҳолатга тушмаган бўлардилар.
- Фаолиятингиз давомида шунга ўхшаш фирибгарлик ишларига дуч келган бўлишингиз табиий. Шу ҳақда гапириб ўтсангиз?
- Яқинда содир этилган тилла билан боғлиқ фирибгарлик иши ҳақида гапириб беришим мумкин. Бир йигит дейлик, стоматолог, балки тилла буюмлар сотиладиган дўкон эгасидир, хуллас, тилла буюмларга алоқадор иш билан шуғулланган. Шу одамнинг қўлидан тилла асбоблари, тилла миқдори ўтишини ён-атрофдагилари яхши билишган. Йигит ўзини масъулиятли ишга қўйганликларидан фойдаланиб, одамларга «мен сенларга арзон нархда тилла олиб беришим мумкин», деб уларнинг ишончига кириб, анча миқдорда пул олади. Энди бир томондан олиб қараладиган бўлса, «тиллафуруш» ўзига ишониб топширилган мулкни талон-тарож қиляпти, иккинчи томондан эса у ўзининг талон-тарожлик билан шуғулланишини бошқа одамларга айтса, ўша одамлар ҳам бунинг ёнига тушиб, «сенга пул берамиз, сен бизга арзонроқ нархда тилла олиб берасан» деб буни жиноятга ундаяптилар. Эътибор беринг, пул бериб, эвазига арзонроқ нархда тилла олишдан манфаатдор кишилар бу йигитнинг ноқонуний равишда тилла олиб чиқаётганидан хабардор… Ҳозирда ҳукуматимиз мана шундай ҳолатларга ҳам баҳо беринглар, жиноятни очишда бир томонлама ёндашаётган бўлиб қолманглар деб бонг уряпти. Бизда шу пайтгача жиноят содир этилдими битта одам жавобгар бўлган, «фойда оламан» деганлар эса жабрланувчи бўлиб келишган. Бундан буёғига шу турдаги жиноятлар миқдори камайишига ишонаман. Чунки…
Масалан, бизда ўқишга киргизиб қўяман, деб пул олаётганлар, фарзандини ўқишга киритиш учун пул бериб, кейин берган пулига куйиб қолган ота-оналар кам деб ўйлайсизми? Ҳозирда чиққан Пленум қарорига мувофиқ бундан буёғига мисол учун мен ўғлимни ўқишга киритиш учун сизга пул берсам, демак пора таклиф қилаётган ҳисобланаман. Агар сиз менинг танишиб бор, деб айтган бўлсангиз, демак ўша мансабдор шахсларга пора беришга сизни ҳам ундаётган ҳам пора бераётган бўламан. Ўртада сиз воситачилик қиляпсиз, тўғрими, демак мен порани сиз воситачилик қилиб бераётганингизни ҳам биламан. Бундан келиб чиқяптики, менинг ҳаракатимда ҳам пора бериш, ҳам пора беришда воситачилик, ҳам жиноятга ундаш – яъни 3-4 хил турдаги жиноят таркиби маълум бўлиб қолади. 
Авваллари ота-оналар «ана у одам ўғлим(ёки қизим)ни ўқиш(ёки иш)га олиб кириб қўяман деди, пулини олди-да, олиб кирмади» деб милицияга боришарди. Кейин милиция ходимлари ўша одамни топиб келиб сўроққа тутишарди «Пул олдингми?» - «Олдим». «Нега қайтармадинг» - «Киргизолмадим». Шундан кейин сўроқ қилинган шахс жавобгарликка тортиларди ва «ўқишга олиб кириб қўяман деди» деб ариза ёзганларга нисбатан чора кўрилмасди. Мана энди, яъни 2 сентябрда кучга кирган Пленум қароридан кейин ариза ёзиб келган шахсларга нисбатан ҳам жиноий иш кўриш масаласи қўйилган. 
…Осон йўл билан мўмай даромад топишга интилиш туфайли мана шундай ҳолатлар рўй бермоқда. Бу нарса эса жиноятнинг ривожланишига олиб келади. Бундан буёғига фарзандини ўқишга киргизиш учун кимгадир пул таклиф қилишдан олдин ота-оналар бир муддат ўйлаб кўрадилар, деган умиддаман.

Категория: Qiziqarli | Просмотров: 1529 | Добавил: Zafar | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Поиск
Календарь
«  Oktabr 2009  »
DuSeChorPayJuShanYak
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • GEGAsoft | Все права защищены! © 2009