Facebook ижтимоий тармоқлар эгалари суддан мазкур тармоққа спам юборган шахсдан 711 миллион доллар ундириб беришни талаб қилмоқда. Associated Press хабар беришича, судда интернет-маркетинг билан шуғулланувчи АҚШ фуқароси Сэнфорд Уоллеснинг Facebook кўплаб фойдаланувчилари паролларига ноқонуний кирганлиги ва улар номидан реклама хабарлари юборганлиги тан олинган. Бундан ташқари, Уоллес судга нисбатан ҳурматсизликда айбланган. Бу кўпмиллионлик компенсацияни тўлаганидан сўнг уни қамоқ жазоси хавфи кутяпти деганидир. Ушбу масала ечими ҳали ҳал қилинганча йўқ. Facebook адвокати Сэм О’Рурк маълум қилишича, тармоқлар эгалари Уоллесдан компенсация суммасини тўлиқ олишга умид қилишмаяпти. Фақат О’Рурк суд қарори спамерлар учун яхшигина сабоқ бўлишига ишонмоқда. Уоллес "спам қироли” лақаби билан ном қозонган. Чунки у 1990 йилда кунига 30 миллионлаб кутилмаган электрон хатлар жўнатган Cyber Promotions компаниясини бошқарган. 2006 йилда АҚШ федерал савдо комиссияси интернетда қоидага зид бўлган ҳаракатланувчи рекламадан фойдалангани учун "қирол”га тўрт миллион доллар жарима солган эди. 2008 йилда эса суд Уоллес ва унинг ҳамкори Уолтер Райсга спамлар жойлаштиргани учун Myspace ижтимоий тармоғи эгасига 234 миллон доллар тўлашга ҳукм чиқарганди. Бу Facebook учун биринчи судлашув эмас. Ўтган йили ушбу тармоқ ахлоқсиз характердаги спам жойлаштирган Адам Гербиздан 873 миллион доллар талаб қилиб судга мурожаат этганди.
|